Asaxiy Invest

ОММАВИЙ ОФЕРТА

“Коммандит ширкатга ҳисса киритиш тўғрисида шартнома” тузиш юзасидан

 

Мазкур ҳужжат “ASAXIY MAXTEACH IT VA KOMPANIYA” коммандит ширкатининг Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 367-моддаси ва 369-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ Коммандит ширкатга ҳисса киритиш тўғрисида шартнома тузиш юзасидан лаёқатли бўлган шахсларга таклифи ҳисобланади.

Инвестор томонидан мазкур офертани акцептлаш учун белгиланган ҳаракатларнинг бажарилиши, у томонидан барча шартлар сўзсиз қабул қилинганлигини ва Коммандит ширкатга ҳисса киритиш тўғрисида шартнома тузилганлигини англатади.

 

  1.                АТАМАЛАР ВА ТАЪРИФЛАР

 

1.1. Ушбу Оммавий офертада қуйидаги атамалар қўлланилади:

Оммавий оферта – Invest.asaxiy.uz платформасида эълон қилинган, унда қайд этилган усул ва шартларда “ASAXIY MAXTEACH IT VA KOMPANIYA” коммандит ширкатининг "Инвесторнинг коммандит ширкатга кириши тўғрисида" битим тузиш тўғрисидаги таклифи.

Ширкат - “ASAXIY MAXTEACH IT VA KOMPANIYA” коммандит ширкати

(Манзил: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент вилояти, Нурафшон шахри, Тошкент Йули кўчаси, 108-уй, СТИР: 311255508, ҳ/р: 20208000907046954001, АТ "Алоқабанк" Миробод филиали, МФО: 00401);

Тўлиқ шерик - Ширкатнинг ягона тўлиқ шериги ҳисобланадиган "ASAXIY MAXTEACH IT" Масъулияти чекланган жамияти

(Манзил: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент вилояти, Нурафшон шахри, Тошкент Йули кўчаси, 108-уй, СТИР: 310566667, ИФУТ: 62010, ҳ/р: 20208000505678237001, АТ "Алоқабанк" Миробод филиали, МФО: 00401);

Инвестор – Оммавий офертани тўлиқ ва шартсиз қабул қилган, ширкат фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар доирасида жавобгар бўладиган ҳамда Ширкат томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этмайдиган Ширкат иштирокчиси - коммандитчи.

Шартнома - Тўлиқ шерик ва Инвестор ўртасида ушбу оммавий офертада кўрсатилган шартлар асосида тузилган "Коммандит ширкатга ҳисса киритиш тўғрисида"ги битим. Оммавий офертани акцеплаш орқали шартнома тузилган ҳисобланади ва Инвестор Ширкат иштирокчилари таркибига Коммандитчи сифатида киради, Оммавий оферта ва Таъсис шартномасида кўрсатилган шартлар асосида Ширкатда иштирок этади.

Акцепт - Оммавий оферта унга йўналтирилган шахснинг Оммавий офертада кўрсатилган ҳаракатларни бажариш орқали амалга ошириладиган, офертани қабул қилишга қаратилган тўлиқ ва шартсиз жавоби.

Томон ёки Томонлар - Тўлиқ шерик ёки Инвестор ёки мос равишда Тўлиқ шерик ва Инвестор.

Invest.asaxiy.uz платформаси - Invest.asaxiy.uz вебсайтда, Google Market еки App Storeда юклаб олиш мумкин бўлган Invest.asaxiy.uz мобил иловасида жойлашган ушбу Оммавий офертада назарда тутилган, Инвесторларнинг шерикликка кириши, иштирок этиши ва чиқиши билан боғлиқ ҳаракатларни электрон амалга ошириш имконини берувчи электрон платформа.

Захира фонди - Ширкатнинг кредит, бозор, банкротлик ва Ширкатни тугатиш бизнес таваккалчиликлари, битимлар ва лойиҳаларни молиялаштириш билан боғлиқ зарарлар хавфи ва бошқа хатарларни ўз ичига олган бизнес таваккалчиликларини қоплаш учун мўлжалланган захира фонди.

Таъсис шартномаси – Ширкатнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва Тўлиқ шерикнинг қарори билан тасдиқланган таъсис ҳужжати.

Инвестиция муддати – Инвестор томонидан Ширкатга ҳисса киритилган санадан Инвесторнинг Ширкатдан чиққан санагача бўлган муддат.

Фаоллик – бу Инвесторнинг маълум бир даврдаги ҳолати;

Инвестиция бўйича шериклик улуши – бу Инвесторнинг Тўлиқ шерик билан фойдадаги улуши. Инвестициялар бўйича шериклик хар ойда кайта ҳисоблаб чикилади. Инвестициялар бўйича шериклик улуши Инвестор 60%, Тўлиқ Шерик 40% белгиланган. (Томонлар ўртасида Ҳисса киритиш тўғрисида келишув орқали бу улуш ўзгартирилиши мумкин).

 

2. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

2.1. Ушбу Оммавий оферта Ширкатнинг расмий оммавий ҳужжати бўлиб, унда кўрсатилган шартлар асосида битим тузиш мақсадида номаълум шахслар доирасига қаратилган.

2.2. Оммавий оферта Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 6 декабрдаги 308-II-сонли "Хўжалик ширкатлари тўғрисида"ги қонунига, Ширкатнинг Таъсис шартномасига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Тўлиқ шерик ва Инвесторлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солади.

2.3. Оммавий офертанинг амал қилиш муддати чекланмаган. Ушбу Оммавий оферта исталган вақтда Invest.asaxiy.uz платформасида тегишли билдиришномани эълон қилиш орқали Тўлиқ шерик томонидан ўз хоҳишига кўра тўхтатилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

2.4. Тўлиқ шерик камида 10 календар кун олдиндан огоҳлантирган холда Оммавий офертага бир томонлама ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга. Инвесторлар ва бошқалар киритилаётган ўзгартиришларга рози бўлмаган тақдирда, 30 календар кун ичида ушбу Оммавий офертада белгиланган тартибда шартномани бекор қилиб, ширкатдан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга.

2.5. Инвесторлар Invest.asaxiy.uz платформасида тегишли билдиришномаларни эълон қилиш орқали Оммавий офертага киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида хабардор қилинади.

 

3. АКЦЕПТ ШАРТЛАРИ

 

3.1. Оммавий оферта қаратилган шахс томонидан битим тузиш учун қуйидаги ҳаракатлар амалга оширилиши керак:

3.1.1. Invest.asaxiy.uz платформаси орқали масофавий идентификациядан ўтиш. Идентификация Инвесторнинг паспорт ёки ID-картасида кўрсатилган маълумотлар ёрдамида амалга оширилади.

3.1.2. Битим тузиш учун ариза бериш. Ариза Invest.asaxiy.uz платформасида электрон равишда тегишли шаклни тўлдириш орқали амалга оширилади.

Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

- ариза бериш санаси;

- ариза берувчининг тўлиқ фамилияси, исми, отасининг исми;

- паспорт ёки ID карта серияси ва рақами;

- киритилаётган ҳисса суммаси.

3.1.3. Ширкатнинг устав фондига ҳисса киритиш. Ҳисса Ширкатнинг ҳисоб рақамларига пул маблағларини ўтказиш, банк кассалари орқали нақд пул киритиш ёхуд тўлов тизимларидан фойдаланган холда амалга оширилади.

Устав фондига қўшилган ҳиссанинг умумий миқдори Оммавий офертанинг 3.3-бандида кўрсатилган қўшимча бадалларни киритиш муддати давомида Ширкат ҳисоб варағига тушган суммаларнинг йиғиндиси ва тегишли давр учун банк кўчирмалари асосида Тўлиқ шерик томонидан белгиланади.

Тўлиқ шерик билан ёзма равишда келишилган ҳолда, Устав фондига ҳисса қўшиш мол-мулк, қимматли қоғозлар, бошқа буюмлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёки пул қийматига эга бўлган бошқа бегоналаштириладиган ҳуқуқлар билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Ширкатнинг Устав фондига пул бўлмаган бадалнинг пул баҳоси мустақил баҳолаш ташкилотининг хулосаси асосида Тўлиқ шерик томонидан тасдиқланади.

  1.      Оммавий оферта 3.1.1–3.1.3. бандларида кўрсатилган барча ҳаракатларни бажариш бевосита қабул қилувчи шахс томонидан амалга оширилиши керак. Инвестиция суммасини Устав фондига ўтказиш Қабул қилувчи шахсга тегишли бўлган (унинг номи билан очилган) ҳисоб варақдан ёки банк тўлов картасидан ёки Ширкатнинг Устав фондини тўлдириш учун банк кассасига пул маблағларини киритиш орқали амалга оширилиши керак.
  2.      Оммавий оферта Инвестор томонидан қабул қилинган деб ҳисобланиши учун 3.1.–3.2.-бандларида кўрсатилган барча ҳаракатлар бажарилиши керак.

Битим тузилган пайт деб Оммавий офертанинг 3.1.– 3.2. -бандларига мувофиқ барча ҳаракатлар якуний бажарилган пайт ҳисобланади.

Оммавий офертанинг 3.1.–3.2. - бандларида кўрсатилган ҳар қандай ҳаракатларнинг бажарилиши кечиктирилган ҳолларда Қабул қилиш улар тўлиқ бажарилган санага қадар кечиктирилади.

  1.                Оммавий офертада кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошириш Инвестор томонидан унинг барча шартлари билан танишганлигини ва ҳеч қандай истисно ва/ёки шартларсиз қабул қилишини, шунингдек, у тақдим этган маълумотларнинг ишончли ва ҳақиқийлигини тасдиқлашини англатади.

Қабул қилиш орқали Инвестор, шунингдек, Ширкатнинг Таъсис шартномаси шартлари билан танишганлигини ва розилигини тасдиқлайди (Таъсис шартномаси билан Invest.asaxiy.uz платформасида танишиш мумкин).

  1.                Қабул қилиш йўли билан Инвестор Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 6 декабрдаги 308-II-сонли "Хўжалик ширкатлари тўғрисида" ги қонун талабларига мувофиқ Ширкатга коммандитчи сифатида қабул қилиниши ва Ширкатнинг Устав фондига ҳисса қўшиш (ёки қўшимча ҳисса қўшиш, Агар Инвестор қўшма ҳисса қўшган пайтда Ширкат иштирокчиси бўлса) тўғрисидаги аризасини оммавий офертада кўрсатилган шартларда тақдим этганлигини билдиради. 

Инвестор Ширкатнинг Устав фондини Оммавий офертада кўрсатилган шартларда кўпайтириш мақсадида қўшимча ҳисса қўшишга ҳақлидир.

  1.                Invest.asaxiy.uz платформаси орқали инвесторни масофадан идентификация қилиш Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат томонидан ўз хоҳишига кўра, унинг таркибига янги иштирокчилар киритилганлиги муносабати билан Ширкатнинг таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотларни талаб қилиб олиш орқали амалга оширилади.
  2.                Тўлиқ шерик ва / ёки Ширкат "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (2004-йил 26-августдаги 660-II-сон) талаблари амал қиладиган нобанк ташкилоти ҳисобланмайди ва ушбу Қонун ва Қоидалар (ЎзР Адлия вазирлигида 04.09.2017 йилдаги рўйхат рақами 2925-сонли) талаблари доирасида ички назоратни, мижозни лозим даражада текширишни, мижозни идентификациялашни ёки бошқа чораларни кўрмайди.

 

4. ШАРТНОМА ПРЕДМЕТИ ВА ШИРКАТГА КИРИШ ШАРТЛАРИ

 

  1.                Мазкур шартномага асосан Тўлиқ шерик Инвесторни Ширкат иштирокчилари таркибига қабул қилади, Инвестор эса Ширкатга коммандитчи сифатида киради.
  2.                Инвесторни Ширкат иштирокчилари таркибига қабул қилиш Ширкатнинг Таъсис шартномасига ўзгартиришлар киритиш ва уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
  3.                Тўлиқ шерик Устав фондига ҳиссалар киритиш натижаларини хар календар ойи охирида сарҳисоб қилади, Ширкатнинг Таъсис шартномасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилади (иштирокчилар таркибининг ўзгариши ва Устав фондининг кўпайиши билан боғлиқ) ва Инвестор қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг 01 дан 15 кунигача Тўлиқ шерик Ширкатнинг таъсис шартномасига ҳисса киритилганлиги билан боғлиқ ўзгартиришларни киритиб, Ширкатни қайта рўйхатдан ўтказиш чораларини кўради.
  4.                Бунда Таъсис шартномасини қайта рўйхатдан ўтказиш Invest.asaxiy.uz платформасида орқали электрон равишда тегишли харакатларни амалга ошириш ва Ширкатнинг жорий ҳисоб рақамига ўтган календар ойида тушган Устав фондига қўшилган ҳиссаларга нисбатан Ширкатнинг бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида амалга оширилади.
  5.                Инвесторнинг Ширкат иштирокчилари таркибига кирган санаси Ширкатнинг таъсис шартномасини қайта рўйхатдан ўтказиш санаси ҳисобланади. Таъсис шартномасини қайта рўйхатдан ўтказгандан сўнг, Инвестор Ширкатнинг Устав фондида улушга эга бўлади.
  6.                Ширкатнинг Таъсис шартномаси қайта рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан 10 (ўн) иш кунидан кечиктирмай Инвесторга Invest.asaxiy.uz платформаси орқали Инвесторнинг Ширкат иштирокчилари таркибига қабул қилинганлигини тасдиқловчи иштирок этиш тўғрисидаги гувоҳнома юборилади. Иштирок этиш тўғрисидаги гувоҳномада Ширкат Устав фондидаги омонат ва улуш миқдори кўрсатилади.
  7.                Инвестор томонидан олинган улуш миқдори фоиз кўринишида унинг Ширкатнинг Устав фондига қўшган ҳиссасига мутаносиб бўлади.
  8.                Ширкат ишларини бошқариш ва юритиш Тўлиқ шерик томонидан мустақил равишда амалга оширилади. Тўлиқ шерик ўз хоҳишига кўра исталган вақтда Ширкатнинг Таъсис шартномасига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга. Инвестор Ширкат ишларини бошқариш ва юритишда иштирок этишга, унинг номидан ишончномадан бошқа йўл билан ҳаракат қилишга ҳақли эмас.

"Хўжалик ширкатлари тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига мувофиқ, Инвестор Ширкат ишларини бошқариш ва юритиш бўйича Тўлиқ шерикнинг хатти-ҳаракатлари хусусида баҳслашишга ҳақли эмас.

4.8. Ширкат ишларини бошқариш ва юритишда Тўлиқ шерик ўз хоҳишига кўра Ширкат фаолиятининг асосий йўналишларини ва уни амалга ошириш тартибини мустақил равишда белгилайди. Ширкат ўз фаолиятини амалга ошираётганда Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат, Ширкат иштирок этадиган товарлар (ишлар, хизматлар) лойиҳалари (бизнес - лойиҳалар ва/ёки ижтимоий лойиҳалар) нархларини, шунингдек ушбу лойиҳаларнинг рентабеллиги ва самарадорлигини мустақил равишда белгилашга ҳақлидир. Тўлиқ ва/ёки Ширкатнинг хоҳишига кўра, баъзи лойиҳалар бозордан паст ставкаларда ва/ёки бепул молиялаштирилиши мумкин. Инвестор бундай лойиҳаларда Ширкатнинг иштироки камайтирилган фойда олиш ва/ёки фойда олмасликни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилаётганидан хабардор ва рози.

 

  1.      ШИРКАТНИНГ ФОЙДА ВА ЗАРАРЛАРИНИ ТАҚСИМЛАШ ШАРТЛАРИ,  ЗАХИРА ФОНДИ

 

  1.      Ширкат фойдаси Тўлиқ шерикнинг қарори билан ҳар чоракда, ярим йилда ёки йилига бир марта тақсимланади.
  2.      Ширкатнинг фойдаси унинг иштирокчилари ўртасида қуйидаги тартибда тақсимланади:

5.2.1. Фойда ҳисобланаётган давр учун Ширкат фойдаси ҳисобланади.

5.2.2. Фойда ҳисобланаётган даврдаги жами капиталга Инвестор пулининг салмоғи – нисбати ҳисобланади.

5.2.3. Ҳисобланган салмоқ – нисбат бўйича Ширкат фойдасидан Инвесторнинг улуши ҳисобланади.

5.2.4. Ҳисобланган суммадан Инвесторнинг Инвестиция бўйича шериклик бўйича белгиланган улуши унинг фойда ҳисобланаётган давр учун Инвесторнинг узига тегишли фойдаси деб ҳисобланади.

  1.                Ширкатнинг Инвесторлари ўртасида тақсимлаш учун мўлжалланган фойдаси (дивидендлар) Ширкатнинг Устав фондини кўпайтиришга йўналтирилиши мумкин.

Бунда Ширкатда Коммандитчи сифатида иштирок этаётган Инвестор Ширкат фойдасининг ўзига тегишли қисмини қуйидагича тасарруф қилиши мумкин:

  •        унга тегишли фойдани (ёки унинг бир қисмини) Ширкатнинг устав фондини кўпайтиришга (ўз қўшимча ҳиссаси сифатида) йўналтириш, ёки
  •        унга тегишли фойдани (ёки унинг бир қисмини) дивиденд шаклида олиш;

Бунинг учун Инвестор тегишли аризани Ширкатга фойда тақсимланиб, Invest.asaxiy.uz платформаси орқали эълон қилинган календар ойининг охирги кунигача топшириши керак.

Агар ариза берилмаган бўлса, Инвесторга тегишли фойда (дивидендлар) Ширкатнинг устав фондини кўпайтиришга йўналтирилади (Инвесторнинг қўшимча ҳиссаси сифатида).

Фойда Ширкатнинг устав фондини кўпайтиришга йўналтирилганда Ширкат иштирокчиларининг улушлари ҳажми ўзгартирилади.

Фойда олиш ва/ёки уни Ширкатнинг устав фондини кўпайтиришга йўналтириш солиқ суммалари қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ушлаб қолингандан кейин амалга оширилади.

Инвестор дивиденд шаклида унга тегишли фойда олганда, дивидендларни тўлаш Ширкат томонидан Инвесторнинг аризасида кўрсатилган банк картасига ёки Инвесторга тегишли (унинг номига очилган) ҳисоб рақамига пул маблағларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

5.4. Ширкатнинг устав фонди кўпайтирилиши муносабати билан Ширкатнинг таъсис шартномасини қайта рўйхатдан ўтказгандан сўнг Инвесторга Ширкатнинг устав фондидаги бадал ва улушнинг ўзгарган миқдори кўрсатилган ҳолда иштирок этиш тўғрисидаги янгиланган гувоҳнома юборилади.

5.5. Ширкатнинг зарарлари унинг иштирокчилари ўртасида Ширкатнинг устав фондидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.

Инвестор зарар таваккалчилигини фақат амалга оширилган инвестициялар доирасида (Ширкатнинг устав фондига киритилган омонатлар миқдори доирасида) ўз зиммасига олади.

5.6. Ширкатда кредит, бозор, солиқ, юридик ва молиявий таваккалчиликлар, банкротлик ва тугатиш таваккалчиликлари, битимлар ва лойиҳаларни молиялаштириш билан боғлиқ зарарлар ва Ширкатнинг нарх ва кредит сиёсати, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган бошқа таваккалчиликларни ўз ичига олган, лекин улар билан чекланмаган               ҳолда               бизнес таваккалчиликларини қоплаш учун мўлжалланган Захира фонди  ташкил этилади. 

Бу шуни англатадики, агар Захира фонди миқдори барча омонатлар миқдорининг 10 фоизини ташкил этса ва тўланмаслик хавфи ва бошқа бизнес хатарлари миқдори бутун портфелнинг 10 фоизини ташкил этса, у ҳолда Инвесторнинг ҳиссаси 100 фоиз миқдорда суғурта қилинган бўлади.

Захира фонди тўланмаслик хавфи, форс-мажор ҳолатлари ва бизнес таваккалчиликлари юзага келган даврда инвесторларнинг хавфсизлиги ва суғурта захираси вазифасини бажаради.

5.6.1. Захира фонди Ширкатнинг бутун фаолияти давомида Ширкатнинг соф фойдасидан ажратмалар белгиланган миқдорга етгунча шакллантирилади.

Захира фонди ҳажми ва Захира фондига Ширкатнинг соф фойдасидан ажратмалар миқдори Тўлиқ шерикнинг хоҳишига кўра хар чоракда фойда тақсимланишидан олдин белгиланади.

Белгиланган ҳажмдаги Захира фонди Тўлиқ шакллантирилганда, Захира фондига ажратмалар тўхтатилади.

5.6.2. Захира фонди маблағларини шакллантириш ва кўчириш молиявий модел ва стратегик режалаштиришга мувофиқ амалга оширилади.

Захира фонди AAOIFI халқаро бухгалтерия ҳисоби қоидаларига мувофиқ қўллаб - қувватланади (AAOIFI - Ислом молия компанияларининг бухгалтерия ҳисоби ва аудит стандартларини жорий этиш ва амалга оширишнинг халқаро ташкилоти).

5.6.3. Ширкат зарар кўрган тақдирда, улар Ислом суғуртаси схемаси шаклида захира ҳисобварағида мавжуд бўлган Захира фонди қолдиғидан қопланади.

Захира фонди маблағлари инвесторларга, шу жумладан улар Ширкатдан чиқарилганда ҳам тўланмайди.

5.6.4. Захира фонди тўғрисидаги маълумотлар молиявий ҳисоботлар орқали ошкор қилинади ва инвесторлар танишиб чиқиши учун очиқ бўлади.

 

6. ШИРКАТДАН ЧИҚИШ ШАРТЛАРИ

 

6.1. Инвестор Ширкатдан чиқишга камида бир ой олдин Invest.asaxiy.uz платформаси орқали хабардор қилган ҳолда чиқиш ҳуқуқига эга.

6.2. Инвесторнинг Ширкатдан чиқиши куни Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат томонидан Инвесторнинг Ширкатдан чиқиши хакида қарор қабул қилиниб, Ширкатнинг таъсис шартномасини қайта рўйхатдан ўтказиш санаси ҳисобланади.

6.3. Инвесторга тегишли бўлган қиймат Инвестор Ширкатдан чиққан кундан бошлаб 30 (ўттиз) календар кунидан кечиктирмай унга тўланиши керак. Алоҳида холларда бу муддат Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат Ширкатнинг қарорига асосан 90 (тўқсон) календар куни деб белгиланиши мумкин.

6.4. Инвестор Ширкатдан чиққанда охирги Ширкат фойдаси ҳисобланмаган ва/еки тақсимланмаган даврдаги Тўлиқ шерик билан бўлган шериклиги миқдори нолга тенглаштирилади.

6.5. Улуш қийматини тўлаш солиқ суммалари қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ушлаб қолингандан кейин амалга оширилади.

6.6. Инвесторга тегишли бўлган қиймат Ширкат томонидан Инвесторнинг аризасида кўрсатилган банк картасига ёки Инвесторга тегишли (унинг номига очилган) ҳисоб рақамига пул маблағларини юбориш орқали тўланади.

 

  1.                БИТИМ БЎЙИЧА ТОМОНЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

7.1. Инвестор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- Оммавий офертада кўрсатилган шартлар асосида Ширкатга кириш ва ундан чиқиш;

- Ширкат фойдасининг бир қисмини Таъсис шартномасида ва Оммавий офертада назарда тутилган тартибда олиш;

- қонун ҳужжатларида ва Ширкатнинг Таъсис шартномасида белгиланган тартибда Ширкат фаолияти тўғрисида Invest.asaxiy.uz платформаси орқали  ахборот олиш ва бошқа ҳужжатлари билан танишиш;

- ҳиссани тўлиқ қўшгандан ва қайта рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, Ширкатда иштирок этиш тўғрисидаги гувоҳномани олиш.

 

7.2. Инвестор қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

- Қабул қилишдан олдин ушбу Оммавий оферта ва Ширкатнинг Таъсис шартномаси шартлари билан танишиб чиқиш;

- Оммавий оферта шартларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;

- Ширкат фаолияти тўғрисидаги махфий маълумотларни ошкор қилмаслик;

- Ўзининг шахсий рўйхатга олиш маълумотлари, шу жумладан: хизмат кўрсатиш банки (банк тўлов картаси), асосий мобил рақами,  яшаш манзилининг ўзгарган тақдирда бу ҳақда 3 кундан кечиктирмай Тўлиқ шерикни ва/ёки Ширкатни хабардор қилиш.

 

7.3. Тўлиқ шерик қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- Ширкат ишларини Таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда мустақил равишда олиб бориш ва бошқариш;

- Ширкат фойдасини Таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда мустақил равишда тақсимлаш;

- Ўз хоҳишига кўра, Таъсис шартномаси ва Оммавий оферта шартларига ўзгартиришлар киритиш.

 

7.4. Тўлиқ шерик қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

- Битим шартларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;

- Инвесторни Ширкат иштирокчилари таркибига Оммавий офертада кўрсатилган шартлар асосида қабул қилиш;

- Ҳисса қўшиш натижаларини сарҳисоб қилиш, иштирокчилар таркибини ўзгартириш ва Ширкатнинг устав фондини кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳамда Ширкатнинг Таъсис шартномасини қайта рўйхатдан ўтказишни таъминлаш;

- Инвестор тўғрисидаги махфий маълумотларни ошкор қилмаслик, Битим шартларини бажариш ёки қонун талабларига мувофиқ зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно;

- Ширкат ишларини сифатли ва виждонан бошқариш;

- Invest.asaxiy.uz платформасини ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш;

- Инвестиция портфелини бошқариш, даромадларни тақсимлаш тизими ва Invest.asaxiy.uz платформасига киришни таъминлаш.

 

  1.                МАХФИЙЛИК ВА ШАХСИЙ МАЪЛУМОТЛАР

 

  1.           Шахс томонидан Битимни тузиш учун зарур бўлган шахсий маълумотлар ва бошқа маълумотларни тақдим этиш ихтиёрийдир.
  2.           Ахборотни тақдим этиш шахснинг ушбу Оммавий оферта ва унда кўрсатилган маълумотларни қайта ишлаш шартларига сўзсиз розилигини англатади. Ушбу шартларга рози бўлмаган тақдирда, шахс маълумот беришдан ва Битим тузишдан бош тортиши керак.
  3.           Томонлар битимни амалга ошириш натижасида олинган ҳар қандай маълумот махфий эканлигини тасдиқлайдилар ва ундан фақат Битим мақсадларида фойдаланишни таъминлаш мажбуриятини оладилар.
  4.           Томонлар бошқа томоннинг ёзма розилигини олмасдан учинчи шахсларга махфий маълумотларни ошкор қилмаслик мажбуриятини оладилар, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
  5.           Олинган маълумотлар Битимни тузиш ёки бажариш учун Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат томонидан ишлатилади.

Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат Ширкатнинг Таъсис шартномасини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказишда, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда олинган ахборотни узатиш ҳуқуқига эга.

Инвестор ҳақида маълумот Invest.asaxiy.uz платформасида эълон қилиниши мумкин.

  1.           Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат шахс Invest.asaxiy.uz платформасида, шу жумладан маълумот матнларида мавжуд бўлган ҳаволалар орқали ўтиши мумкин бўлган учинчи томон сайтларини назорат қилмайди ёки улар учун жавобгар бўлмайди. Бундай сайтларда шахсдан шахсий маълумотлар ва бошқа маълумотлар тўпланиши ёки сўралиши мумкин.
  2.           Тўлиқ шерик ва / ёки Ширкат шахс томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилигини текшириш ва Битим тузмоқчи бўлган шахснинг ҳуқуқий лаёқатини назорат қилиш мажбуриятини олмайди. Бироқ, Тўлиқ шерик ва / ёки Ширкат, шахс ишончли, тегишли ва етарли маълумот беришига ишончдан келиб чиқади.
  3.           Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги ЎРҚ-547-сонли "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида" ги қонунига мувофиқ шахсий маълумотлар субъекти сифатида иштирок этаётган Инвестор ўзига Оммавий офертанинг шахсий маълумотлари тўғрисидаги бўлимнинг барча қоидалари тўлиқ ҳажмда ўрганилганини ва тўлиқ тушунганини тасдиқлайди.
  4.           “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида” ги қонунга мувофиқ, Инвестор Тўлиқ шерикка, Ширкатга шахсий маълумотларини қайта ишлашга ва шахсий маълумотларга нисбатан ҳар қандай қонуний ҳаракатларни, шу жумладан: тўплаш, олиш, тизимлаштириш, сақлаш, тўплаш, Ўзгартириш, такомиллаштириш (янгилаш), тўлдириш, фойдаланиш, таҳлил қилиш, шахсий маълумотларни бирлаштириш, тақдим этиш, тарқатиш, узатиш, шахсийлаштириш ва йўқ қилиш, шунингдек амалдаги Қонунчилик доирасида Инвесторнинг шахсий маълумотлари билан бошқа ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш амалга оширишга розилик билдиради.
  5.       Шахсий маълумотларни қайта ишлаш турли хил алоқа воситалари, шу жумладан Интернет тармоғи орқали, маълумотлар базасини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек бошқа дастурий воситалар ёрдамида, (бундай тизимлар билан ишлаш оператор томонидан белгиланган алгоритмга мувофиқ амалга оширилади) ёки автоматлаштириш воситаларидан фойдаланган ҳолда ёки улардан фойдаланмасдан бошқа ҳар қандай ишлов бериш ёрдамида амалга оширилиши мумкин.
  6.       Шахсий маълумотлар деганда Инвесторга бевосита ёки билвосита тегишли бўлган ҳар қандай маълумотлар, шу жумладан: фамилияси, исми, отасининг исми, йили, ойи, туғилган санаси ва жойи, яшаш манзили, почта манзили, шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг рақами ва серияси, шахснинг шахсий идентификация рақами, таълим ва мутахассислик тўғрисидаги маълумотлар, иш фаолияти, Харидорнинг банк карталари тўғрисидаги маълумотлар, уй, ишчи, мобил телефонлар, электрон почта манзили, Инвесторнинг даромад манбалари ва мол-мулки, скоринг тўғрисидаги маълумотлар; Инвесторнинг кредит мажбуриятлари, шу жумладан аввалги мажбуриятлари, солиқлар ва кредитлар бўйича қарзлар тўғрисидаги маълумотлар; очиқ манбаларда мавжуд ҳар қандай маълумотлар, шунингдек қайта ишлаш мақсадларига эришиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар тушунилади.
  7.       Шахсий маълумотларни қайта ишлашнинг мақсадлари – бу Инвестор билан битимларни тузиш ва амалга оширишга қаратилган ҳаракатлар, шу жумладан, лекин улар билан чекланмаган ҳолда Инвесторни ва у тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш, шунингдек Оммавий офертада кўрсатилган ёки унинг шартлари асосида юзага келиши мумкин бўлган бошқа мақсадлар ва ҳаракатлар.
  8.       Юқоридаги мақсадларга эришиш учун Инвесторнинг шахсий маълумотлари Инвесторнинг ўзидан ҳам, учинчи шахслардан (сотувчининг контрагентлари ва шерикларидан, шунингдек Инвестор билан шартномавий муносабатларга эга бўлган шахслардан, шу жумладан Инвесторга хизмат кўрсатиладиган уяли алоқа оператори ва тўлов тизимларидан ва ҳоказолардан) ҳам олиниши, шунингдек учинчи шахсларга (уларнинг ходимларига ва улар ваколат берган бошқа шахсларга), шу жумладан учинчи шахслар юқорида кўрсатиб ўтилган мақсадлар учун хизматлар кўрсатишга жалб этилганда тақдим этилиши мумкин. 
  9.       Шунингдек, Инвестор Ширкатга қуйидаги ҳаракатларни амалга оширишга розилик берганлигини тасдиқлайди: тақдим этилган маълумотларни аниқлаштириш учун почта, электрон почта, СМС-хабарларни юбориш, Invest.asaxiy.uz платформаси ва бошқа мумкин бўлган усуллар (Инвестор томонидан тақдим этилган почта манзиллари, электрон почта манзиллари, телефон рақамлари ва бошқалар) орқали қўнғироқ қилиш ва ахборот хабарларини юбориш, Битим тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ёки тугатиш билан боғлиқ хабарномаларни юбориш, Ширкат, Asaxiy платформаси, сотиладиган товарлар (ишлар, хизматлар), реклама характеридаги хабарлар, шунингдек бошқа билдиришномалар, хабарлар ва хатлар фаолияти билан боғлиқ янгиликларни ўз ичига олган хабарларни юбориш. Бундай ҳолда, Ширкат ўз хоҳишига кўра хабарлар ва билдиришномаларни юборишнинг санаб ўтилган усулларидан бирини танлаш ёки улардан фойдаланмаслик ҳуқуқига эга.
  10.       Инвестор ўзининг шахсий маълумотлари, уларни қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш тўғрисида тўлиқ маълумот сўрашга, шунингдек тегишли ёзма сўровни почта манзилига, электрон почта орқали ёки Invest.asaxiy.uz платформаси орқали Ширкатга юбориш орқали нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган шахсий маълумотларни истисно қилиш ёки тузатиш/тўлдиришни талаб қилишга ҳақлидир.
  11.       Инвестор томонидан унинг шахсий маълумотларини қайта ишлашга берилган розилик шахсий маълумотларни қайта ишлаш мақсадларига эришиш учун зарур бўлган муддатга берилади ва Инвесторга почта манзилига ёки электрон ҳужжат шаклида ёзма ариза юбориш орқали қайтариб олиниши мумкин.

 

  1.                ТОМОНЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ ВА НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

 

  1.                Оммавий оферта шартлари ва/ёки Битимнинг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун томонлар Оммавий оферта шартлари ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўлади.
  2.                Битим бўйича мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган томон Оммавий оферта шартларига ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ бундай бажармаганлик оқибатида етказилган ҳақиқий зарарни бошқа томонга қоплаши шарт.
  3.                Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат, агар Тўлиқ шерик томонидан сусткашликка йўл қўйилган бўлмаса, Инвестор ёки бошқа шахснинг зарарлари ёки бой берилган фойдалари учун жавобгар бўлмайди.
  4.                Тўлиқ шерик ва/ёки Ширкат Инвестор ёки бошқа шахснинг қуйидагилардан келиб чиқадиган зарарлари учун жавобгар эмас:

- Қабул қилиш учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланиладиган реквизитларни Инвестор томонидан нотўғри тўлдириш, шунингдек тўловларни амалга оширишнинг белгиланган тартибини бузиш;

- Оммавий оферта шартларининг бузилиши;

- учинчи шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, шу жумладан Инвесторнинг идентификация маълумотларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлари.

9.5. Агар низолар ва келишмовчиликлар юзага келса, Томонлар уларни музокаралар йўли билан ҳал қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширадилар.

Низоларни талабнома тартибида кўриб чиқиш мажбурийдир. Талабнома асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда бошқа томонга ёзма равишда юборилади.

Талабномани кўриб чиқиш муддати 15 (ўн беш) календар кунни ташкил қилади.

Тўлиқ шерик судга даъво аризасини низони судгача ҳал қилиш (талабнома) тартибига риоя қилмасдан топшириши ҳуқуқига эга.

Барча низолар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Тошкент туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилади.

 

  1.            ФОРС-МАЖОР ҲОЛАТЛАРИ

 

10.1. Томонлар ушбу шартнома бўйича мажбуриятларни қисман ёки тўлиқ бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун, агар бундай лозим даражада бажармаслик ушбу шартнома тузилгандан кейин Томон олдиндан кўра олиши ва оқилона чоралар билан олдини олиши мумкин бўлмаган енгиб бўлмас кучлар таъсири остида юзага келган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади. 

10.2. Мажбуриятларни бажаришнинг иложи йўқлиги юзага келган Томон бошқа Томонга юқорида кўрсатилган ҳолатларнинг бошланиши ва тугатилиши тўғрисида 10 (ўн) иш кундан кечиктирмай хабар беришга мажбурдир. Бундай ҳолда, Томонлар қисқа вақт ичида бир-бирлари билан маслаҳатлашишлари ва қабул қилиниши керак бўлган чоралар тўғрисида келишиб олишлари керак. Фавқулодда ҳолатлари мавжудлигининг тасдиғи бўлиб ваколатли давлат органлари томонидан берилган гувоҳномалар хизмат қилади, улар ушбу ҳолатлар юзага келган кундан бошлаб 30 (ўттиз) иш куни ичида бошқа Томонга юборилиши керак.

10.3. Фавқулодда ҳолатларининг бошланиши тўғрисида хабар бермаслик ёки ўз вақтида хабар бермаслик, Томонни ушбу ҳолатларнинг ҳар қандайига, мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилмаганлиги учун жавобгарликдан озод қиладиган асос сифатида мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

10.4. Тўлиқ шерик, агар фавқулодда ҳолатлар юзага келса, Битим бўйича мажбуриятларни бажармаслик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

 

  1.            БОШҚА ШАРТЛАР

 

11.1. Ушбу Оммавий оферта ва/ёки Инвесторларнинг шерикликдаги иштироки билан боғлиқ ўзгартиришлар, қўшимчалар, хатлар, билдиришномалар ва ҳужжатлар Invest.asaxiy.uz платформаси орқали маълум қилинади.

Агар қонун ҳужжатларида ёки Томонларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Томонларнинг ихтиёрларининг мазмунини ифода этувчи хатлар,  сканерланган нусхалар ёки бошқалар, шу жумладан электрон тарзда имзоланган ҳужжатлар ёзма равишда битим тузишга тенглаштирилади.

11.2. Оммавий офертада назарда тутилмаган бошқа барча муносабатлар Таъсис шартномаси ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тартибга солинади.

11.3. Оммавий офертанинг бирон бир қоидаси ёки қоидалари ҳақиқий эмас деб топилганда, Оммавий офертанинг бошқа қоидалари амал қилишни давом эттиради ва Оммавий оферта ўзи ўз кучини сақлаб қолади.

 11.4. Томонларнинг ҳеч бири бошқа Томоннинг ёзма розилигисиз битим бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини учинчи томонга топширишга ҳақли эмас.

11.5. Мазкур Оммавий оферта 10 (ўн) саҳифадан иборат бўлиб, Ширкатнинг муҳри билан 01.11.2024 йилда имзоланди.

 

 

“ASAXIY MAXTEACH IT VA KOMPANIYA”

коммандит ширкати директори:                                                      To’laganov Dilmurod Alisher o’g’li